АНОР – ГРАНАТ ОБЫКНОВЕННЫЙ
Анор – баландиги 1,5-2 метр бўлган бута. Тиббиётда анорнинг меваси, мева пўсти ҳамда пояси, йирик шохлари ва илдиз пўтлоғи ишлатилади. Пояси ва йирик шохларининг пўстлоғи баҳорда шилиб олинади. Илдиз пўстлоғини таёрлаш учун уни баҳорда кавлаб олинади, тупроқдан тозалаб, сув билан ювиб, пўстлоғи шилинади. Анор севаси тўлиқ етилиб пишганда йиғилади. Пўстлоқлар ва мева пўсти очиқ ҳавода қуритилади.
Пўстлоғи таркибида алкалоидлар, ошловчи моддалар, смола ва бўёқ моддалар, мевасида органик кислоталар, қандлар, витаминлар, С витамини бор.
Анор халқ табобатида қадимги шифобахш воситалардан ҳисобланади. Абу Али Ибн Сино мева пўстини қон тупуриш, милкдан қон оқишини тўхтатиш, тишни мустаҳкамлаш учун ҳамда меъда касалликлари (ич кетиш, қон аралаш ич кетиш), яралан ва бошқа касалликларни даволашда, шунингдек сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатган.
Халқ табобатида ҳозир ҳам мева пўстини қайнатмаси қон тупуриш ва милкдан қон оқишини тўхтатиш, ич кетиш, дизентерия ва тери касалликларини (қўтирни) даволаш, йўтални қолдириш, сийдик ва гижжа ҳайдаш учун ишлатади. Мева шираси цинга касаллигига даво қилинади ва иштаҳа очиш учун истеъмол қиланади.
Тиббиётда анор пояси, шохлари ва илдиз пўстлоғининг доривор препаратлари гижжаларни организмдан ҳайдаш учун, мева пўстининг қайнатмаси меъда ичак касалликларини (ич кетиш, қон аралаш ич кетиш ва дизентерия) даволашла қўлланилади.
Анор мевасининг пўстидан қайнатма тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир стакан сув қуйилади, устига бир чой қошиқла майдаланган мева пўстидан солиб, бир оз қайнатилади ва икки соат давомида дамлаб қўйилади. Сўнгра докада сузилади. Бу қайнатма юқорида айтиб ўтилган касалликларга даво қилиш учун кунига 3 маҳал овқатдан олдин ичилади. Нафас йўллари шамоллаганда, томоқ оғриганда, оғиз шиллиқ пардаси яллиғланганда (гингивит ва стоматит), милкдан қон оққанда оғиз ва томоқ шу қайнатма билан чайилади.
Анор мевасининг суви эса болалар учун яхши ҳарорат тушурувчи вазифасини бажаради.
Доривор ўсимликлар