Белбогнинг тиббий хикматлари
«…Етмиш ёшни қоралаб, қўлимга яқиндагина ҳасса тутдим. Баъзан белимда пайдо бўладиган нохуш оғриқни кексалик аломати деб биламан. Аммо, ҳали ўттиз ёшга ҳам тўлмаган ҳозирги йигитларимизнинг аксарияти «белим»лаб юришларини кўриб ҳайратланаман. Наҳотки, шу белида белбоғ тутмаган «тегма нозиклар» бизнинг зурриётларимиз бўлсалар, дея изтиробли ўйларга толаман».
Очил Сувонов
Юқорида келтирилган мактубга бир назар ташлашда, кўпчилик уни «қарияларимизнинг одатдаги гина-кудрат ва панд-начиҳатлари экан-да», — дея баҳолашлари мумкин.
Аслида, бу сўзлар замирида чуқур маъно бор. Зеро, «қари билганни пари билмас», — дея бежизга айтишмаган.
Ҳақиқатан ҳам ҳозирги ёшларимизнинг аксарияти бел оғриғидан нолиб юришади.
Аниқлашларича, ҳозирда бел оғриғи аломати билан кечувчи қарийб йигирма хил хасталиклар мавжуд. Бунга мисол тариқасида умртқалар орасидаги тўқималарнинг патологик ўзгариши билан кечувчи остеохондроз касаллигини олайлик. Одатда бу касаллик беморларнинг узоқ вақт мобайнида иш қобилияти йўқолишига олиб келади.
15-20 йил муқаддам остеохондроз кексалик элчиси ҳисобланган бўлса, ҳозирда бу касаллик ўсмирларни, ҳаттоки, болаларни ҳам шикастламоқда. Табобат статистикаси маълумотларига қараганда, бугунги кунга келиб катта ёшли аҳолининг қарийб 80 фоизи остеохондроз хасталигидан изтироб чекишмоқда. Демак, отахонимизнинг «белим»лаб юрган ёшларга нисбатан эътирозлари ўринли.
Келинг, бу хасталиклар ҳақида қуйироқда муфассилроқ тўхталишни кўзда тутган ҳолда, ҳозирча мактуб муаллифининг «белдаги белбоғ» хусусида нечун куюнганлиги тўғрисида бироз мушоҳада юритайлик.
Биз, ўзбеклар одамда «белингда белбоғинг борми?» деган саволимиз замирида «ҳақиқий эркакмисан» деган маънони англатамиз. Таассуфки, бу сўзнинг биз билмаган асл туб маъноси кекса донишмандларимизга аён. Шундай бўлсада, чуқурроқ ўйлаб кўрилса, белбоғнинг ўнлаб хосиятларини англамоқ мумкин экан. Қуйида бу хосиятларнинг айримларинигина санаб ўтмоқчимиз, холос.
Биринчидан, белбоғ тутиш нозикроқ ҳудуд ҳисобланган бел соҳасидаги атроф-муҳит ҳароратининг кескин ўзгарувчи таъсироти натижасида вужудга келувчи мушак қаватининг яллиғланиши, яъни миозит касаллигидан сақлайди.
Иккинчидан, белбоғ тутиш киндик ва қориннинг оқ чизиғи соҳасида пайдо бўладиган чурраларнинг вужудга келиши олдини олади.
Учинчидан, белбоғ бел соҳаси ҳароратини барқарорлашувини, шунингдек, мушак қувватининг мустаҳкамланишини таъминлаб, қад-қоматнинг хушрўй, тик — расо бўлишига олиб келади.
Тўртинчидан, мустаҳкам белбоғ белни турли хил жароҳатлардан маълум даражада ҳимоя этади.
Бешинчидан, белни доимо мустаҳкам боғлаб юриш шаҳватни ҳаяжонга келтириб, эрлик қувватини кучайтиради. Бу ҳақида Абу Али ибн Сино асарларида муфассал тўхтаб ўтилган. Ҳозирги ёш келин-куёвларнинг айримлари қовуша олмасликларинин сабабларидан бири белбоғ тутмаганлик билан боғлиқ бўлса не ажаб.
Олтинчидан, белбоғни мустаҳкам тутиш мушаклардаги қувватни маълум аъзоларда зудлик билан жамланишига ҳам хизмат этади. Ўзбек миллий курашида албатта белбоғ тутишдан кўзланган мақсад ҳам ушбудир.
Еттинчидан, белбоғ тутиш бел соҳасидаги асаб толалари яллиғланишидан, яъни неврит касаллигидан сақлайди.
Саккизинчидан, белбоғ умртқалар ва уларнинг ўсимталари орасидаги тоғай тўқима(дисклар)нинг шикастланиши билан кечувчи остеохондроз дардидан ҳам ҳимоя қилади.
Тўққизинчидан, белга белбоғ тутиш умртқалар орқа қисмидан чиқувчи нерв ўсимталари яллиғланишидан, яъни радикулит касаллигидан сақлайди.
Ўнинчидан, белбоғ бел ҳудудидаги ийри томирлар ва биологик фаол нуқталарга таъсир этади. Маълумингизки, бел соҳасида ҳам ички аъзолар билан боғланган фаол нуқталар мавжуд. Маҳкам боғланган белбоғ ушбу нуқталарга таъсир этиш йўли билан ички аъзоларнинг ишлаш жараёнига ижобий таъсир этади.
Кўриб турибсизки, белбоғ тутиш ўта серхосият, кони фойдадир.
Ўктам МУҲАММАД МУРОД http://tib.islom.uz/maqolalar
Tibbiy maqolalar