Кузда юз териси парвариши.


Куз юз териси учун энг инжиқ мавсум ҳисобланса ҳам, унинг ғарқ пишган мева ва сабзавотлари бу “айб”ини енгиллаштиради.

Кузнинг инжиқлиги шундаки, тери ёз қуёшидан салқин ҳавога мослашолмай, қуриб, ёрилади. Ҳали кузга кўникмасиданоқ қиш бошланиб, совуқ уни баттар қуруқшатади. Лекин витамин ва микроэлементларга бой кузги мева-сабзавотлардан тайёрланган ниқоблар юз терисини қишга тайёрлашга ёрдам беради.

Ҳар қандай ниқоб юз терисининг ташқи қаватидаги майда тешикчаларни очиб, модда алмашинувини яхшилайди ва терини эластик қилади. Ниқоб ювилгач, тери таранг ва соғлом кўринади.

Юз парваришини бошлашдан олдин ниқобдан фойдаланишнинг умумий принципларини билиб олиш зарар қилмайди. Ниқоблардан ҳафтада бир марта фойдаланган маъқул. Агар муолажа тартибларга амал қилинган ҳолда ўтказилса, унинг натижаси бир неча дақиқадан сўнг сезилади, таъсири эса 3-4 кунгача сақланади.

Ниқоб суртишдан олдин терини чанг ва тердан тозалаб олиш лозим. Бунинг учун молочка ва спиртсиз тоникдан фойдаланган маъқул. Куннинг исталган вақтида юз терисини парваришлаш мумкин. Яхшироқ натижага эришмоқчи бўлсангиз кечки вақтни танланг. Ниқоб терида тўлиқ қуригунча сақланмоғи керак. Аммо 20 дақиқадан ошмаслиги тавсия қилинади.

Шундай қилиб, ҳар доим ошхонада топиш мумкин бўлган маҳсулотлардан тайёрланувчи арзон, аммо фойдали кузги ниқоблар билан танишинг.

1. Помидорли ниқоб. Ёғли юз териси учун битта кичикроқ помидор иккига бўлинади ва юзга ишқаланади. Бу усул майда тешикчаларни тозалайди ва ёғланишни камайтиради. Қуруқ тери учун қириб, масса ҳолига келтирилган бир дона помидорга бир қошиқ зайтун мойи, шунча творог қўшилади ва юз терисига суртилади. Ниқоб 20 дақиқан сўнг илиқ сувда совунсиз ювилади.

2. Шафтолили ниқоб. Битта шафтолининг бўтқасига бир қошиқ асал солинади ва яхшилаб аралаштирилади. Масса юзга 20 дақиқага суртилади.

3. Олмали ниқоб. Қирилган яримта олмага бир қошиқча асал аралаштирилади. Қуруқ юзлар учун шу таркибга битта тухум сариғи ва бир қошиқча зайтун мойи қўшилади. Бу ниқоб юзни яхши озиқлантиради ва тозалайди.

4. Қовунли ниқоб. Қовундан доғларни кетказишда, сепкилларни камайтиришда қадимдан фойдаланиб келинган. Қовунли ниқоб тайёрлаш учун эзиб, бўтқа ҳолига келтирилган бир қошиқ қовунга шунча миқдорда асал ва сметана қўшилади. Масса юзга суртилгач, 20 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювилади. Бу ниқоб кузнинг салқин шамолларидан қуруқ терини яхши ҳимоялайди.

5. Узумли ниқоб. 10-15 дона узумни данагидан тозалаб, бўтқа ҳолига келгунча эзинг. Унга битта тухум сариғи ва бир қошиқ зайтун мойидан қўшинг. Бу ниқоб ҳам юз терисини яхши сақлашга ёрам беради.

 

6. Ошқовоқли ниқоб. Бўтқа ҳолига келтирилган бир қошиқ ошқовоққа бир қошиқча асал ва битта тухум сариғи қўшинг. Агар терингиз қуруқ бўлса, шу таркибга бир қошиқча зайтун мойи ҳам аралаштиринг. Бу ниқоб терини ёшартириб, чарчоқни олади.

Тавсиялар содда ва тайёрлаш учун қулай таркибда. Бу усуллар Сиздан ҳеч қандай алоҳида вақт талаб қилмайди. Ошхонада ишлаётганда ҳам улардан бирини тайёрлаб, юзингизни ва ўзингизни хурсанд қилишингиз мумкин. 

 

 

Маълумот:http://niso.uz/

 

 

 





Ташкент




Attn:




Не указан







Print Page

Лечение, Болезни, Лекарства, Инструкция - Справочник / http://mku.uz/spravochnik/view.php?id=7470